Одам иммунтанқислиги вируси тўғрисида сўз борганда...
12.uz - Кўпинча кўчада, уйда, шифохона ва бошқа жамоат жойларида, Одам Иммунтанқислиги Вируси (ОИВ) ҳақидаги ўзаро суҳбатлар гувоҳи бўламиз. Одамлар фикрларини эшитгач эса, тушунамизки халқ, хали-хамон ушбу вирус тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмас. 12.uz жамоатчи мухбири Дилафруз Исмаилова, янглиш фикрлар тарқалишини олдини олиш мақсадида мутахассис, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциациясининг ОИВ/ОИТС йўналиши ҳамда БМТ Ривожланиш Дастурининг СААР- Марказий Осиёда ОИТСни назорат қилиш Лойиҳасининг ОИВ/ОИТС масалалари бўйича маслаҳатчиси, Фатихова Камилага қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
- Бугунги кунда ОИВ/ОИТСни олдини олиш бўйича республикамизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача гапириб берсангиз?
- Энг аввало айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабр куни «Ўзбекистон Республикасида ОИВ ннфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада кенг миқёсда олиб борилишига хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллйи Ассоциацияси (ЎзННТМА) 2008 йилнинг октябр ойида ОИВ/ОИТС йўналишини ишга туширди. Йўналиш 2008 йилда ўз ишини бошлаган бўлсада, Ассоциация унгача ҳам ОИВ/ОИТСга кучли эътибор қаратиб, халқаро донорлар кўмаги ҳамда Республика ОИТС маркази хамкорлигида, Ўзбекистон Республикасида ОИВ тарқалишини олидини олишга йўналтирилган турли хил лойиҳаларни амалга оширди. Шу ўринда, Ўзбекистон Миллий Ассоциацияси аъзоси бўлган “Истиқболли авлод” Сурхандарё вилояти, “Келажак нури” Наманган вилояти, “Хамдард” Андижон вилояти, “Тенгдошим ” Самарқанд вилояти ННТларининг амалга оширган лойиҳалари ҳам эътиборга лойиқдир. Шунингдек, ЎзННТМА ҳозирда БМТ Ривожланиш Дастурининг СААР- Марказий Осиёда ОИТСни назорат қилиш Лоийҳасининг молиявий кўмаги ёрдамида “ОИВ/ОИТСни олдини олишда Фуқаролик жамиятининг ўрни” лойиҳасини амалга оширмоқда. 2009 йилнинг июнь ойида ўз фаолиятини бошлаган лоийҳа бир йил давом этади. Ушбу лойиҳанинг мақсади, «2009 – 2011 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ – инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича ҳаракатларнинг Миллий режа»сини бажариш доирасида давлат муассасалари билан нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш ва ННТлар имкониятини оширишдан иборат. Ундан ташқари Ассоциация ЮНИСЕФ болалар фондининг молиявий кўмаги ёрдамида “Ўзбекистонда ОИВга даҳлдор болалар ва уларнинг оилалари учун комплексли нотиббий парвариш ва қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш доирасида кундузги ташриф буюриш марказларини такшил этиш” лойиҳасини амалга оширмоқда, лойиҳа доирасида ОИВга дахлдор оилаларнинг фарзандлари учун “Қалдирғоч” болалар кундузги ташриф буюриш маркази ишга туширилиб, бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда.
- Одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ) – мусбат инсонлар ҳар доим ҳам орттирилган иммунтанқислиги синдромига (ОИТС) дучор бўладиларми?
- Инсон организмида ОИВнинг мавжудлигига ОИВ – инфекцияси дейилади. Ушбу вирус фақат тирик организмда яшай олади, негаки улар тирик хужайралардагина кўпаяди. ОИВ организмнинг барча хужайралари ичига киради, лекин унинг фақат иммун системасига тааллуқли СD4 - Т лимфоцит (орагнизмнинг иммун хужайралари) хужайрасида кўпаяди. ОИТС – орттирилган иммун танқислиги синдроми – бу ОИВ-инфекциясининг кейинги босқичларидан бири. ОИВ бор инсонда ОИТС пайдо бўлишидан олдин куп йиллар ўтиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда ҳар доим ҳам ОИВ – мусбат инсонлар ОИТС га дучор бўлмайдилар.
- Вирус қандай ҳолатларда инсондан инсонга юқиши мумкинлиги ҳақида кўп маротаба эшитганмиз. Аммо охирги пайтларда ғараз мақсадли инсонлар ушбу вирусни кенг тарқатиш мақсадида жамоат жойлари, яъни кўп қаватли уйларга кириш йўлакларида ёки кинотеартларда вирусли шприцларни ташлаб кетаётгани хақидаги шов-шувларни эшитдик. Биринчи саволим бу хақда сиз ҳам эшитдингизми ва бунга муносабатингиз? Иккинчи саволим соғлом одам баданига вирусли шприц игнаси кирганда унга вирус юқиши мумкинми?
- Биринчи саволингизга жавоб берадиган бўлсам, айтиш жойизки, бундай гап-сўзлардан ким фойда кўриши мумкинлиги мени жуда қизиқтиради. Албатта бунга муносабатим ёмон. Чунки бу гапларнинг бари уйдирма. Иккинчи саволингизга жавобим, медицинада санитария-гигиена коидаларига риоя қилиш тушунчаси мавжуд. Ҳамиша ишлатиладиган ҳар бир жиҳозимиз бу хоҳ шприц игнаси, хоҳ устара, хоҳ тиш четкаси бўлсин ўзимизники ва шахсий бўлиши лозим. Аммо бу кўчада ётган инфекцияли шприц игнаси бирор бир жойимизга кириб кетса вирус бизга юқиб қолади, дегани эмас. Вирус юқиши учун, инсон организмига унинг маълум бир миқдори кириши лозим.
- ОИВ- инфекциясидан даво борми?
- ОИВ - инфекцияси инсон иммунитети кемирувчиси ҳисобланади. Инсон иммун системаси организмни турли хил инфекциялардан (бактерия, вирус, замбуруғ), шунингдек онкологик касаликлардан ҳимоя қилади. Иммун системасига, биргаликда битта тўда бўлиб ҳаракатланувчи, аниқ вазифаларга эга, бир неча ҳил хужайралар жавоб беради. Булардан бири СD4 хужайрасининг Т – лимфоцитлари бўлиб, улар оғриқли вирус ва микробларни аниқлаш вазифасини бажаради. ОИВ- инфекцияси инсон организмига киргач ундаги CD4 молекулалари мавжуд бўлган Т-лимфоцитларига “хужум” қилади. Лимфоцитлар организмнинг “посбонлари” ҳисобланади, улар инфекцияни танигач, заҳар, вирус ва микроорганизмлар билан курашувчи Т – лимфоцитларини ёрдамга чақиради. Аммо ОИВ “посбонларни” устомонлик билан енгиб, CD4 хужайрасини заифлаштиради. Инсон иммунитети албатта, “йўқотиш” ўрнини тўлдиради, лекин йиллар ўтгани сари организмдаги вирус тез суратларда ошиб бориб, бунинг оқибатида одам иммунтанқислиги келиб чиқади. Иммунтанқислик - бу организмнинг инфекцияларга қарши курашиш ҳуссусиятини батамом йўқотиши. Бунда организмнинг тикланиш жараёни секинлашади ёки умуман тўхтайди. Бу ҳолатда инсон нафақат грипп ёки дизентерия сингари касалликлар, балки илгари касаллик чақирмаган бактерия ва вируслардан ҳам ҳимояланмаган бўлади. ОИВ-инфекциясининг ривожланиб кетиши ва ОИТСнинг олдини олишнинг биргина даволаш услуби мавжуд – бу антиретровирусли терапия (АРВТ). Ушбу терапия 3-4 хил таркибий қисмлардан иборат бўлиб, уларнинг бири СD4 молекулалари, хужайраларнинг устки қисмида ўрнашиб олишга “тўсқинлик” қилса, бошқалари вирусни “улғайиб”, соғлом хужайраларни зарарлантиришга йўл бермайди. Демак, замонавий АРВТ ОИВни инсон организмидан бутунлай йўқ қилиб ташлолмасада, вирус организмни бутунлай парчалаб ташлашига йўл қўймайди, яъний бунда ОИТСнинг олди олинади. Ушбу даволаш услуби, бутун дунёда қўлланилиб, Умумжахон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, шунингдек Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан тасдиқланган. Бугунги кунда АРВТ Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида мавжуд ва Республика ОИТС марказлари томонидан бепул тақдим этилмоқда.
- Сизнингча Ўзбекистон Республикасида ОИВ/ОИТСни олдини олиш ва муаммога чек қўйиш учун қандай ишларни амалага ошириш даркор?
- ОИВ/ОИТС эпидемияси ривожланиши анча олдин бошланган мамлакатлар тажрибасига кўра , муаммони ҳал этишнинг иккита асосий таркибий қисми мавжуд. Биринчи таркибий қисми – ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) ҳақида билим савиясини ошириш бўлса, иккинчиси– ОИВ – мусбат инсонлар ва уларнинг яқинларига нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш. Жамиятнинг ОИВ хақида билим савиясини ошириш, деганда нима назарда тутилади? Бунда, ОИВ юқиши йўллари, ҳимоя усуллари тўғрисида мутахассислар, ОИВ – активистлари, ОАВ орқали, семинар, тренинг, конференциялар тарзида, мунтазам равишда ҳаққоний маълумотни етказишни таъминлаш ва шу орқали жамият хабардорлигини ошириш назарда тутилади. Ўзбкекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги №1 сонли Қарори билан тасдиқланган, «2009 – 2011 йил Ўзбекистон Республикасида ОИВ – инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича ҳаракатларнинг Миллий режаси», юқорида айтиб ўтилганларни қайсидир маънода бирлаштириб, ушбу ҳаракатларни Республика миқёсида амалга оширишни йўлга қўйиш мақсадига йўналтирилган. Миллий режани бажаришда Ўзбекистон ННТлари Миллий Ассоциацияси ва шулар сингари бир қатор жамоат ташкилотлари узлуксиз фаолият юритмоқда.