12.uz - Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти – Сурхондарёнинг қатор туманлари аҳолиси қўшни Тожикистондаги алюминий заводидан чиқаётган заҳарли газдан азият чекмоқда, атроф-муҳити зарур кўрмоқда. Аҳоли ўртасида бунинг оқибатида нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш, қон ва қон айланиш органларида, оғиз бўшлиғида касалликлар кўпайгани қайд этилаётир. Айниқса, болалар ўртасида туғма касалликларга чалиниш ошиб бораётгани ташвишлидир. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам жуда ката зарар етказилаётир. Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги, тупроқ унумдорлиги пасаймоқда. Сариосиё, Узун ва Денов боғларида етиштирилаётган меваларда инсон организми учун ўта зарарли заҳарли моддалар тобора кўпроқ учраётир. Буларнинг ҳаммаси бевосита ва билвосита Тожикистоннинг Турсунзода шаҳридаги алюминий ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятига боғлиқдир. Чунки ушбу корхонанинг ишлаши оқибатида 580 минг киши истиқомат қилаётган ҳудуд атроф-муҳитига, атмосферасига ўта заҳарли фторли водород, мана, 30 йилдан ортиқ вақт давомида ташланаётгани Тожикистон раҳбариятини умуман ташвишга солмаётир. Ҳолбуки, бир тонна фторли водород минг тонна ис газидан ҳам хавфли эканини кўпчилик яхши билишади. Қолаверса, Тожикистон Республикаси ва Турсунзодадаги алюминий корхонаси раҳбарияти завод мўриларидан чиқаётган заҳарли газлар ўз аҳолиси саломатлигига, Тожикистоннинг бетакрор табиатига ҳам жиддий зарар етказаётганига ҳам бефарқ муносабатда бўлишаётгани аянчлидир. 1994 йилнинг 17 ноябрда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ҳукуматлари ўртасида Тожикистон алюминий заводи фаолияти таъсир кўрсатадиган ҳудудларда экологик вазиятни юмшатиш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланган эди. Афсуски, ушбу келишувнинг Тожикистон томонига тегишли бандлари бажарилмади. Натижада, яна юз минглаб аҳоли нафас олаётган ҳавони заҳарлашда давом этилди. Эндиликда Тожикистон томони корхонада мавжуд фильтрлаш ва тозалаш ускуналарини экологик тоза, замонавий технологияларга ўтказмаган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кескин оширишга қарор қилгани ҳудуддаги экологик вазиятни янада мураккаблаштириши турган гап. Шу билан бирга Тожикистоннинг Хатлон вилоятида янги алюминий заводи қуришга аҳд қилингани эса Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудлари атроф-муҳитига сезиларли салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ташвишли вазият Ўзбекистондаги кенг жамоатчиликни бефарқ қолдирмаётир.
Ўзбекистон экологик ҳаракати Матбуот хизматига кўра, 2010 йилнинг 25 март куни Экоҳаракат фаоллари, Термиз давлат университети талабалари, аҳолининг турли қатламлари вакиллари иштирокида Тожикистон алюминий компанияси давлат унитар корхонаси фаолиятининг атроф-муҳитга зарари тобора ошиб бораётганига ўз норозилигини ифода этмоқ учун митинг ўтказдилар.
Асосан ёшлардан иборат ва 1200 нафардан ортиқ киши иштирок этган митингда унинг қатнашчилари «Соғлом муҳит – инсон саломатлиги», «Табиатга озор берманг, эртага ўзингиз озор чекасиз!», «Ўзгаларни заҳарлашдан олдин, бу заҳардан ўзинг тот! Яхшиси, она табиатдан қўлингни торт», «Тожикистонлик биродарлар! Табиатни асраш – келажакни асраш эканлигини унутманг!» деган шиорларни кўтариб чиқдилар. Митингда сўзга чиққан талабалар, жамоатчилик вакиллари Тожикистон раҳбариятининг атроф-муҳит муҳофазасидек ўта долзарб вазифага панжа орасидан қараётганини, минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштириш ўрнига уни мураккаблаштираётганини кескин қоралаб гапирдилар. Бундай ҳолатга ортиқ тоқат қилиш мумкин эмаслигини, уни керак бўлса, халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракати билан тезроқ бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Ўзбекистон экологик ҳаракатининг сурхондарёлик фаоллари томонидан ташкил этилган митинг иштирокчилари Тожикистон раҳбариятининг минтақада экологик вазиятни таранглаштиришга сабаб бўлаётган сиёсатига норозиликлари баён этилган ва халқаро ташкилотларга қаратилган мурожаат тайёрлашни ташаббускор гуруҳ аъзоларига юкладилар.
Экоҳаракатнинг сурхондарёлик фаоллари бундай нарозилик тадбирларини вилоятнинг барча туманларида ва қўшни вилоятларда ҳам ўтказишни мўлжаллашаётгани митингда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
26.03.2010