12.uz мухбири Дурдона Алимова - Бир ҳафталик меҳнат билан бир бетли мақола ёздингиз. Бир соатлик йўл азоби билан таҳририятга олиб бордингиз. Бош муҳаррир бир кўз югуртирди-да, қайтиб берди. Бир cония сукут... Таниш вазият, шундайми? Йиқилган курашга тўймайди, деганларидек, иккинчи мақолага қўл урасиз. Зора, шуниси чиқса. Фақат, яхшилаб ёзиш керак.
Қандай қилиб яхши мақола ёзиш мумкин? Бетга бет қўшиб, салмоқли материал тайёрласами? Фактлар билан бойитсами? Балки унга машҳурлар фикри ёки буюклар афоризмини қўшган маъқулдир? Ёки яна бир йўли бор: нашрга бермасдан олдин профессионал журналистларга ўқитиб олиш. “Шохасар” яратиш сирларини узоқ давом эттириш мумкин. Аммо унинг яхши ёки ёмонлиги қандай аниқланади? Газетанинг биринчи бетидан жой эгаллаши, нашр ададининг ошиши, эски танишингизнинг мақтаб қўйиши, энг кўп қалам хақи сизга ёзилганию шу мақола туфайли танловда ғолиб бўлганингизга ишониб алданманг! Агар шундай ҳол юзага келса, хулоса чиқарингки, сиз ёмон мақола ёздингиз. Яна ёзинг. Бошқачароқ ёзинг. Ёмонни яхшига айлантиришга ҳаракат қилинг. Бу йўлда қанча меҳнат қиласиз, бу сизнинг қобилиятингизга, ундан ҳам кўпроқ, дунёқарашингизга боғлиқ.
Бош муҳаррирнинг ўнг қўли, таҳририятнинг юзи бўлганингиз, мақолаларингиз ортида янграган қарсакбозликлардан сўнг, услубингизни ўзгартириб бирор нима ёзиб кўринг-чи, агар уни бош муҳаррир столи узра улоқтирса, “бир тийинга қиммат” деб топилса, келгуси сон режасидан чиқариб ташланилса ёки мақола эълон қилинишига бир бахия қолганида, босмахонага кетиш олдидан “юқори”дагилар дидига мос тушмай, тайёрланаётган газетани тарк этса, ана унда дўппингизни осмонга отинг. Раҳбар ҳонасидан тушкун кайфиятда чиқманг, мақолани яратгунгача бўлган меҳнатингизга ачинманг. Сиз энг яхши мақола муаллифисиз! Ниҳоят бунга ҳаётингизда бир маротаба бўлса ҳам, кеч бўлса ҳам эришдингиз.
Тўғри, сиз уни чиқмаслиги, хаёлингиздагина “энг яхши мақола” деб топилиши учун ёзмагансиз, сизнинг фикрларингиз билан миллионлаб одамлар танишишини, инсонларга маълумот беришни хоҳлагансиз. Лекин, на чора, “Чиқармайман” дегандан кейин нима қилардингиз, бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт ёққан каби, ишдан бўшамайсиз-ку ёки қайтиб мақола ёзишга қўл урмасликка онт ичиб қаламингизни синдириб ташламайсиз-ку. Журналистсиз, қиладиган ишингиз шу – ёзиш. Ўтин ёриш, ер чопиш қўлдан келмагандан кейин, қисматимизга рози бўлиб ёзишдан ўзга иложимиз йўқ.
Журналистикага деярли ҳамма бошида завқ-шавқ билан кириб келади. Бу пайт у учун ўз сўзи билан чиқишдек фахрли ва шу билан бирга осон иш йўқ. Кейин эса... 20 та мақоласидан 1 таси 4 қаторга айланиб чиққанида хали ҳеч нарсага тушунишмайди, шунга ҳам хурсанд! Навбатдагилари чиқмаса ҳам хафа бўлмайди. Кунларнинг бирида мақолалари қабул қилинмаётгани сабабини сўрайди. “Анча бўш”, “Журналистикага қандай кириб қолгандинг ўзи?”, “Нима, сенга газета ўйинчоқми?”, “Бир саҳифамизни бу ёзганларинг билан увол қилолмаймиз”. Шунда яхшими-ёмонми, ўша ёш журналист, завқ шавқ билан ижодга кириб келган бир киши қайтиб кирмайдиган бўлиб бу оламдан чиқиб кетади. Ёки бош муҳаррирга ёқиш учун у айтганидек қилиб ишлайди, ёмон, лекин, сўзсиз чиқадиган мақолаларни кўпайтиради.
Журналистикада “қаламнинг чахрланиши” деган машҳур атама бор. Эмишки, қалам эътирозлар, танқидлар, рад этишлар ёрдамида чархланади. Йўқ, бундай ўйласангиз, қаламни синдириб қўясиз. Жазо ва рағбат орасида меъёрни ушлаб туриш керак, битта топган айбига ўнта ечимни кўрсатиб бериш керак. Ҳозир қандай? Танқид қилаётган одамнинг ўзи ёзмайди. (балки хоҳламас, деган ўйда, “ёзишни билмайди” демадик) Фақат ёзганларни назорат қилиш билан шуғулланади. Ўзининг таъбири билан айтганда, мақоланинг сарлавҳасиданоқ нашрга муносиб-муносиб эмаслигини аниқлай оладиган профессионал! Балки журналистикага шундай бошқариб турадиганлар ҳам керакдир. Аммо ҳайрон қоласиз, сизга “Х” билан “Ҳ”ни алмаштириб юборишга рухсат йўғ-у, ўзлари мудом оқ билан қорани, ҳақиқат билан ноҳақликни адаштириб юрадилар.
“Бўлмайди”, “Чиқмайди”, “Буни беролмаймиз”. Шу каби жавобларни олсангиз, сабабини сўраманг, дўстим, уларнинг баҳоналари бисёр: “Чунки яхши ёзилмаган”, “Чунки сиз хали шаклланмаган журналистсиз”, “Чунки ичи тўла қуруқ гап”, “Чунки сизнинг ёзганларингиз бизнинг газетага лойиқ эмас”... Ва яна чеки йўқ “чунки”лар. Аммо “Чунки мен қўрқоқман. Чумчуқ “пир” этса, юрагим “шир” этади. Каллам ўзимга керак” дегани ишлатилмайди.
Сиз хафа бўлманг, чиқмаган мақола ёмон ёзилган дегани эмас, балки ижод қонуниятлари нуқтаи назаридан камчиликларга эгадир, тўғирласа бўлади. Буни уддалайсиз ҳам. Мақоласи газета юзини, муштарийлар кўзини кўрганларга унчалик ҳавас қилманг. Мақоласи эълон қилинаётганлар ичида ўз сўзи билан чиқаётганлар кам. Бир газета бошида ўн бошлиқ, ўн калладан ўн хил фикр чиқади, ўн хил қолипга солинади. Ўнта одамга бир одамнинг бирдек ёқишининг эса иложи йўқ. Минг бир тўфондан ярадор ҳолда бўлса ҳам омон қолган мақола эгасини табрикланг, биз эса сизни энг яхши мақолани ана шу тўфонлардан асраб қолганингиз билан табриклаймиз!
Фикрларимга қарши чиқишингиз мумкин, чиндан ҳам нашрга нолойиқ материаллар ҳам бор-ку, ҳаммасини чиқараверса нима бўлади, деб. Бу гапингизга қўшиламан. Ҳа, ҳар қандай қўлёзма, нўноқ мухбирнинг илҳом келганида қоралаган бетлари бутун бошли газетада босилишига мен ҳам сизлар қатори қаршиман. Аммо мен “энг яхши мақола” нисбатини лойиқ бўлмаган эмас, лойиқ кўрилмаган мақолаларни назарда тутиб ишлатдим. Иккисининг фарқини ўзингиз яхши тушуниб турибсиз.
Агар “Йўқ, энг яхши мақола чиқмагани эмас, ёзилмагани” деб, норозилик билдирсангиз, буни жон деб қабул қиламан. Шундай мавзулар борки, улар ҳақида ёзмаймиз ҳам. Хаёлимизга келганидан-да сесканиб, “Йўғ-эй, барибир чиқмайди”, деб қўяқоламиз.
Нима бўлганда ҳам, ижоддан тўхтаманг. Ҳеч бўлмаса, мақолаларингизнинг яхши-ёмонлигини аниқлаш учун ёзинг. Буни йўли эса осон. Ўзимдан мисол келтираман, агар шу ёзиб тугаллаётган мақолам қаердадир чиқса, демак, у ёмон! Бу натижадан хафа эмасман. Чунки яхши мақолаларим ҳам бор. “Сандиқда сичқон еб ётибди”ни замонавий усулда айтганда, компьютерда вирус сақлаб ётибди.
03.05.2010