12.uz - Интернет, телевидение, радио, матбуот. Буларнинг барчаси ахборот жамиятига хос. Ўз ўзидан савол туғилади: “Биз қандай жамиятда яшаяпмиз?”. Бу саволга оддийгина қилиб, ахборот жамиятида дейишимиз мумкин. Бу жамиятда билим ва ахборот етакчилик қилади. Агарда ахборот жамиятида яшаётганлигимизга шубҳангиз бўлса, қуйидаги фактларни келтиришмиз мумкин. Ахборот жамиятининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:
- Инсон ҳаётида ахборотнинг, билимлар ва информацион технологияларнинг роли ортиб боради;
- Ахборот технологиялари, коммуникация ва информацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар сони ортиб боради;
- Телефон, радио, телевидение, интернет тармоғи билан бевосита ҳаётини тасаввур қилолмайдиган инсонлар тобора кўпайиб боради.
Бу хусусиятларнинг элементлари ҳаётимизда кўплаб учрайди, десам, муболаға қилмаган бўламан. Шу ўринда савол туғилиши табиий, бу терминнинг ўзи бизга қаердан кириб келди? Бу терминни Токио университети профессори Ю. Хаяши ҳаётга тадбиқ этган. 1969 йилда Япония ҳукуматига “Япония ахборот жамияти: мавзулар ва ёндашувлар” деган ҳисобот топширилади. 1971 йилга келиб эса ахборот жамиятининг режаси ишлаб чиқилади. 1992 йилга келиб бу термин ғарб мамлакатларида ҳам пайдо бўла бошлади. Ахборот жамияти тушунчаси Европа комиссиясининг ахборот жамияти бўйича дастури устида иш олиб борувчи экспертлар гуруҳининг ишларида ўз аксини топди. Ушбу гуруҳга Европада кўзга кўринган эксперт Мартин Бенгамман раҳбарлик қилган. Бугунги кунда ахборот жамияти термини нафақат олимлар, балки сиёсатчилар, иқтисодчи, ўқитувчилар лексиконида мавжуд. Умуман олганда бу тушунча ахборот технологиялари билан бевосита ва билвосита яқин бўлган инсонларнинг ҳамроҳига айланиб қолган десак, янглишмаймиз. Қани айтингчи, сиз кунингизни интернет, радио, телевидение ёки бўлмаса, матбуотсиз тасаввур қила оласизми? Менимча, йўқ. Демак, сиз ахборот жамияти аъзосисиз. 2006 йилнинг 27 мартида БМТнинг Бош Ассамблеяси 17 майни Халқаро ахборот жамияти куни деб эълон қилиш ҳақида резолюция қабул қилди.
Ҳали ҳам ўзингизни ахборот жамияти аъзоси эмасман, деб ҳисоблаётган бўлсангиз, қуйидагиларни ҳавола этамиз. Профессор У. Мартин қуйидаги факторлар орқали ахборот жамиятининг асосий характеристикасини ишлаб чиқди:
- Технологик фактор: ҳозир қаерга борманг, техника технологиясиз ҳаётингизни тасаввур ҳам қила олмайсиз, ҳоҳ иш жойингизда, ҳоҳ таълим масканларида, ҳаттоки мактабгача таълим муассасалари ҳам бугунги кунда юқори технологиялар билан таъминланган;
Ижтимоий фактор: ахборот инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда, чунки информациясиз ҳаётимизни ҳатто тасаввур қила олмаймиз.
Иқтисодий фактор: ахборот иқтисодиётда ресурс сифатида хизмат қилади, шунингдек, хизматлар, маҳсулотларга бўлган талаб ва таклиф, уларга қўйилаётган нарх, буларнинг барчаси информацион технологиялар асосида ривож топади ва етказилиб берилиши осонлашади;
Сиёсий фактор: сиёсий жараёнда ахборотнинг очиқлиги унинг ривожланишида муҳим рол ўйнайди;
Маданий фактор: бирор бир жамиятнинг маданий ёдгорликлари ҳақидаги информация унинг қайси миллатга мансублиги, келиб чиқиши, менталиети ҳақида ахборот беради.
Шу билан биргаликда ахборот жамиятини шундай жамият дейишимиз мумкинки, ҳаётнинг сифати ҳамда ривожланишнинг ижтимоий йўналишлари ва иқтисодий самарадорлик ахборот ва унинг эксплуатациясига боғлиқ бўлиб қолади.
Тўғри, ахборот жамиятида яшаш қулай, аммо танганинг икки томони бўлганидек, унинг салбий томонларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ахборот жамиятининг асосий салбий томони сифатида барқарорликни йўқолиши деб қаралади. Ахборот кўпайган сари кичик гуруҳларнинг сон жиҳатдан 10 баробар кўп бўлган одамларга таъсир кучи ортиб боради. Ушбу таъсирлардан бирини бугунги кунда ОАВ да ёритилаётган террорчи гуруҳлар мисолида айтишимиз мумкин. Замонавий терроризм жамиятнинг ахборотлашиши натижасида барқарорликни пасайиши натижасида юзага келган, десак, янглишмаймиз, назаримда. Ахборот жамиятида барқарорликнинг ролини ошириш учун бугунги кунда кўпгина мамлакатларда биометриядан фойдаланиш кенг тус олмоқда. Биометрия инсонларнинг шахсини аниқлаб олувчи автоматларни яратиш билан шуғулланади. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШда биометрик паспорт жорий қилиниши фаоллашди. Ўзбекистонда ҳам биометрик паспортга босқичма босқич ўтилиши режалаштирилган. Ахборот жамиятида барқарорликни таъминлашнинг иккинчи усули криптография саналади. Криптографияга уяли алоқа воситаларидаги СИМ карталарни мисол келтириш мумкин. Барчамизга маълум уяли алоқа воситалари рақамли ҳисобланади. Аммо криптографиясиз мобил алоқа бунчалар оммалашмаган бўларди. Усиз уяли алоқа абоненти ўз ҳисоб рақамини бемалол текшириш ва назорат қилиш имконига эга бўлмасдилар.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкини, биз бугун ахборот жамиятида яшамоқдамиз ва асосий маҳсулотимиз ахборотдир. Ахир бежиз айтилмаган ким кўп информацияга эга бўлса, ўша дунёни бошқаради, деб. Ахборотдан оқилона фойдалана олишимиз эса фақат ўзимизга боғлиқ.
Феруза Умрзоқова, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети магистранти
10.06.2010