12.uz - Халқаро музейлари куни арафасида бизнинг кўп асрлик тарихга эга шаҳримиз ўзига хос ажойиб туҳфа билан бойийди – Тошкентнинг марказидаги боғлардан бири 100 рангтасвир баннери билан безатилади. Дунёнинг энг машҳур музейлари – Лувр ва Эрмитаж, Уффици галереяси ва Метрополитен музейи, Рус музейи ва Третьяков галереяси, Берлин, Вашингтон, Лондон, Мадрид сингари шаҳарлардаги санъат музейлари ҳамда Ўзбекистондаги музейлар коллекциясидан олинган санъат асарлари бундан кейин шаҳримиз ландшафтининг ўзига хос таркибий қисмига айланади.
Мустақилликка эришилгач, Ўзбекистонда тарихий ва маданий меросни асраб-авайлашга жиддий эътибор қаратилди. Бу ишлар музей ишларини кенг кўламда ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини миллий ва жаҳон маданий меросидан баҳраманд қилишда намоён бўлди. Ўзбекистон Бадиий Академияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда маданий меросни тарғиб этиш мақсадида ушбу интерфаол лойиҳани тайёрлади. Лойиҳада шаҳримиз аҳолисини маданий ҳаётга янада фаол жалб этиш, шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги муҳитда ҳар бир кишининг санъат дурдоналари билан яқиндан танишишига имконият яратиш кўзда тутилади.
Ҳамшаҳарларимизнинг ҳар куни Буюк Британия, Германия, Голландия, Италия, Испания, Норвегия, Россия, Америка Қўшма Штатлари, Франция, Хитой, Япония, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар санъат дурдоналари билан мулоқотда бўлиши, бу маданий ҳаётнинг узвий қисмига айланиши натижасида улар Шарқ ва Европа Уйғониш даври ҳамда замонавий санъат намоёндалари асарларида акс этган гўзалликдан баҳраманд бўладилар, гўзаллик ва нафосатга интилиш кишиларимиз учун одатий ҳолга айланади.
Ушбу йил Тошкентда фаолиятини бошлайдиган лойиҳа анъанаси келгусида ўз доирасини кенгайтириб, республиканинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилади.
Лойиҳа тақдимоти 2010 йил 18 май куни А.Навоий номидаги опера ва балет академик театри майдонида бўлиб ўтади.
18.05.2010