АҚШ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширмоқда
12.uz - АҚШ ҳомийлик қилаётган Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси 2010 йили фермерларга олаётган ҳосилини, тахминан, уч марта кўпайтириш йўлини ўргатишга мўлжалланган тажриба участкалари сонини 2009 йилги 5 донадан 26 тага кўпайтирмоқчи.
АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) ҳомийлик қилаётган қишлоқ хўжалиги алоқалари (“AgLinks”) дастурида асосий эътибор узум ҳамда нок, олма, беҳи, ўрик, олча ва шафтоли сингари мевали дарахт турларига қаратилади. Бундай харидоргир меваларни мавжуд бозорларга олиб чиқиш осон, фермерлар уларни етиштиришнинг баъзи оддий янги усулларини маҳаллий шароитга мослаштириш йўли билан янада кўпроқ пул ишлаб олиш имкониятига эга бўлади, деди “AgLinks” дастурини амалга оширишда ЮСАИД билан шартнома асосида ҳамкорлик қиладиган Тараққиёт муқобиллари корпорацияси - Development Alternatives Inc.нинг (DAI) Ўзбекистондаги директори Чарльз Мэй.
“Мақсадимиз – Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини ошириш, мавжуд экинлардан кўпроқ ҳосил олишни йўлга қўйишдир”, деди у.
“AgLinks” деҳқончиликни ривожлантириш учун “қўшилган қиймат яратиш занжири усули”дан фойдаланади, бунга маҳсулот етиштириш ва йиғиб олиш вақтида уруғни назорат қила боришдан тортиб, уни бозорга, кейин эса харидорнинг ошхонасига етказиб беришгача бўлган жараён киради. Дастур ушбу жараёнга тўсқинлик қиладиган сабабларни қидиради ва юзага келган муаммоларни ҳал этишнинг арзон йўлларини топишга ҳаракат қилади, деди Мэй. У қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти бўйича докторлик даражасига эга ҳамда Африка ва Осиё қитъаларининг кўплаб мамлакатларида деҳқончилик дастурларини амалга оширган.
Лойиҳага кўра, зикр этилган ёндашув асосида 2009 йили 800 дан ошиқ фермерга консультация бериш ва ўқув машғулотлари ўтказиш дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ўқув машғулотлари лойиҳанинг Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги бешта тажриба участкасида ўтказилди. “AgLinks” 2010 йилги вегетация даврида олдинги йилдагидан ҳам кўпроқ фермерларга боғдорчилик усулларини ўргатиш учун 26 та тажриба участкаси яратишни режалаштирмоқда.
Масалан, узум етиштириш бўйича тажриба участкалари токни ердан кўтариш учун сим тортиш жуда фойдали эканини кўрсатди. Ч.Мэйнинг айтишича, сим тортиш экинга қуёш нурини яхшироқ олиш, касалликларга камроқ чалиниш, тупроқдан микротоксинларни одатдагидан кўра камроқ юқтириш имконини беради. Симдан фойдаланиш ток ҳосилдорлигини уч марта ошириши мумкин, деб қўшимча қилди у.
Фермерлар мевали дарахтлар экилган тажриба участкасида уларни кесишнинг янги усулларини ўрганади, уларни қўллаш дарахт қувватини унинг ўзига эмас, мева етиштиришга йўналтиради. Фермерлар, шунингдек, пластик муқовага солинган турли замбуруғ, касалликлар ва зараркунанда ҳашаротлар суратларига, шу билан бирга уларни йўқотадиган пестицид ва гербицид турлари ҳақидаги маълумотга эга бўлади.
Фермерлар барча тажриба участкаларида ўғитлаш, суғориш ва ҳосилдорликка таъсир этадиган бошқа омилларни муҳокама қилади, деди Ч.Мэй.
“Одатда фермерлар янгиликни қийин қабул қилади. Улар “ўзингиз кўрсатиб беринг” қабилидаги ёндашувни хуш кўради, – деди у. – Тажриба участкалари фермерларга зикр этилган усуллардан фойдаланиш ҳосилдорликни кескин ошириши мумкинлигига ишонтиришнинг энг таъсирчан йўлларидан биридир. Улар бирор-бир иш амалга ошаётганини кўргач, ўзлари ҳам шунга қўл уришга интилади”.
АҚШ ҳомийлик қилаётган лойиҳа Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Экинларни ҳимоя қилиш миллий хизмати билан бирга ўзлари таклиф этаётган барча пестицид, ўғит ва бошқа химикатлар атроф-муҳитга зарар келтирмаслигини кафолатлаш юзасидан иш олиб борди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлик маълумотларни фермерларга тарқатишга ҳам ёрдам беряпти, деди Ч.Мэй.
“AgLinks”, шунингдек, фермерларнинг тажриба участкаларига келиб-кетишини рағбатлантириш борасида сувдан фойдаланувчилар уюшмаси, яқинда жамоа хўжаликларини хусусийлаштириб олган агрофирмалар ва бошқа ташкилотлар кўмагидан ҳам фойдаланмоқда.
“Фермерлар ахборотга жуда ташна, уни жон-жон деб олади”, деди у.
“AgLinks” Ўзбекистондаги уч йиллик, қиймати тахминан 5 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳадир. Лойиҳада фермерлар билан тажриба участкаларида ишлаш баробарида Фарғона ва Самарқанд вилоятлари агрофирмаларининг совутиб сақлаш воситаларига ҳам эътибор қаратилади. Экинларни алмашлаб экиш ва совутиб сақлаш воситалари ҳар қандай маҳсулотни сотиш мавсумини узайтиради ва фермерларга бозорни анча вақт назорат қилиш ва кўпроқ пул ишлаб топиш имконини беради, деб тушунтирди Ч.Мэй.
“AgLinks” маҳсулотларни экспорт қилиш бозорларини кенгайтириш учун шарбат ишлаб чиқарувчилар сингари меванинг бир қанча харидорлари билан иш олиб бормоқда. У ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларига янги бозорлар топиши учун чет эллардаги йирик агросаноат кўргазмаларида қатнашишида ҳомийлик қилмоқда.
Мэйнинг билдиришача, Фарғона водийси Калифорния штатининг Марказий водийсига жуда ўхшаб кетади, чунки у ердаги ўта қулай шароит фермерларга кўп ва турли-туман мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради.
“Деҳқонлар Қўшма Штатлардан келган, – деди у. – Фарғона водийсини кўриши билан уларнинг кўзлари чақнаб кетади”.
Ўзбекистонда 2011 йилнинг июлига қадар амал қилиши режалаштирилган “AgLinks”нинг мақсади ушбу мамлакатдаги мева ва сабзавот етиштириш потенциалини рўёбга чиқаришдир.