Узб Рус

Тошкентда Марказий Осиё минтақасида саломатлик хавфсизлиги конференцияси бўлиб ўтди

12.uz - Ушбу муҳим конференцияда иштирок этганингиз билан барчангизни табриклайман, дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд ўзининг Марказий Осиё минтақасида саломатлик хавфсизлиги конференциясининг ёпилиш маросимида сўзлаган нутқида. Мен бу ерда эканимдан хурсандман ва ҳарбий ҳамкасбларимга самимий ҳурматимни изҳор қиламан. Дипломат сифатида профессионаллигингиз ва жасурлигингизга тасаннолар айтаман ҳамда бундан бир неча ҳафта олдин сизларни Ватан ҳимоячилари куни билан қутлаган ватандошларингизга қўшиламан. Бугун шу ерда ҳозир бўлган ҳарбий бўлмаган соғлиқни сақлаш ходимлари, “тиббиёт” деб аталган олижаноб касб эгаси бўлганингиз учун сизларга таъзим қиламан.
Қуролли кучларимиз аслида мамлакатларимизни ҳимоя қилиш учун ташкил этилган, лекин яқин йиллар ичида шунга гувоҳ бўлдикки, фожиали табиий офатлар ёки бошқа буҳронлар рўй берганда улардан кўпинча “оператив ёрдам берувчилар” сифатида фойдаланилмоқда. Зилзилалар ёки эпидемик касалликлар чегара билмаслиги ёки ҳар қандай миллатнинг уларга ёлғиз ўзи самарали жавоб қайтариш салоҳиятини чиппакка чиқариши мумкин. Замонавий ахборот ва глобал коммуникация воситалари ёрдамида уларга жавоб қайтариш учун қизиқиш ҳам, салоҳият ҳам бор. Ваҳоланки, илгари бундай имкониятлар йўқ эди. Муҳтарам ҳарбий тиббиёт ва қутқарув хизматлари ходимлари, миллий, минтақавий ёки ҳатто глобал миқёсдаги табиий офатларга қарши мамлакатингиз кўрадиган чораларда сизлар ўйнайдиган роль ортиб бораверади. Бугун бу ерда ҳозир бўлган, жамоат соғлигини сақлаш ва табиий офатлар чоғида ёрдам кўрсатиш, фуқаролик ёки ҳарбий соҳада хизмат қилаётган барчангиз келаси йилларда бизни нималар кутиб турганини англаб етиш учун шу йилнинг январь ойида Ҳаитида рўй берган даҳшатли зилзилага ёки шу ҳафта Чилидан келаётган хабарларга эътибор қаратишингиз лозим бўлади.
Менга маълум бўлишича, ушбу ҳафтада бўлиб ўтган конференция сизларга мана шу муҳим ролни ўйнаш учун тайёргарлик кўришга ёрдам берди. Ҳар бир жангда бўлгани каби, асосий масала жангни режалаштириш ва тайёргарлик кўриш, ундан кейин эса самарали коммуникацияни йўлга қўйишдир. Бугун сиз коммуникация тез ўзгарадиган вазиятларга самарали жавоб чораси эканини олдингидан кўпроқ тушуниб олдингиз, деб ўйлайман. Бу зилзила рўй бериши ёки вирус тарқалишидан қатъи назар, нафақат ҳарбий бўлинмалар, қолаверса, фуқаролик муассасалари, баъзан ноҳукумат ёки халқаро ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришни англатади. Ваколатнинг аниқ ва тан олинган чегараларини ўрнатиш ва ресурслардан энг зарур бўлган жойда фойдаланишни таъминлаш сиз учун ҳам, ҳар бир мамлакатнинг сиёсий раҳбарияти учун ҳам ҳал этилиши лозим бўлган энг асосий муаммо ҳисобланади.
Мен конференцияда жафокашлар ва ёрдам берувчиларнинг офатдан сўнгги руҳий саломатлиги масаласига эътибор қаратилганидан мамнунман. Бир неча дақиқа олдин ўзи билан бирга нормал ҳаёт кечираётган яқинидан айрилиб қолган ҳар бир жафокаш бу йўқотишдан қайғуга ботади. Бундай фожиаларга рўбарў келиш ҳеч қачон изсиз кетмайди, энг муҳими, биз ёрдам берувчилар билан бирга жафокашларнинг ҳам эҳтиёжларига эътибор беришимиз шарт.
Қўшма Штатлар Германия билан бирга Маршалл номидаги марказ орқали ушбу конференцияни қўллаб-қувватлаганидан мамнунмиз. Мақсадимиз Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Покистон, шунингдек, Қўшма Штатлар ва Германия ўртасидаги ҳамкорликка ёрдам бериш эди. Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўхшаш жиҳатлари кўп ва умумий хавф-хатарни бартараф этиш йўлида бирга ишлаши учун сабаблар ҳам бисёр. Қўшма Штатлар ва Германиянинг ушбу минтақа билан алоқаларимизни ривожлантиришига важлар етарли: энг муҳим сабаб ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини сақлаб қолиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдир. Дунё Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаган ҳолда кўришни истайди.
«Ҳадемай Афғонистон можароси ҳам тугайди ва одамлар у ерда ҳам нормал ҳаёт кечира бошлайди. Бу ҳол Марказий ва Жанубий Осиё барқарорлигига ҳисса бўлиб қўшилади. Лекин уруш тугаган тақдирда ҳам навбатдаги зилзила, сув тошқини, эпидемия ёки жамоат соғлиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар қачон рўй беришини ҳеч қачон олдиндан била олмаймиз. Сиз – мана шу залда ўтирган кишилар, мамлакатларингизнинг зикр этилган офатларга қарши муносиб жавоб беришида асосий роль ўйнайсизлар. Биз сизни эрта бир кун албатта тўқнаш келадиган машаққатларга тайёрлашга ҳисса қўшиш имкониятига эга эканимиздан хурсандмиз. АҚШ ва Маршал номли марказдаги ҳамкасбларим ушбу ҳафтада қарор топган ҳамкорликни давом эттирмоқчи эканидан хабарим бор ва яна шундай конференцияга кимдир мезбонлиқ қилишга тайёр бўлса, унда жон-жон деб қатнашар эдим», - якунлади ўз нутқини Ричард Норланд.


Кун мавзуси

06:3603.05.2010
Журналистсиз, қиладиган ишингиз шу – ёзиш. Ўтин ёриш, ер чопиш қўлдан келмагандан кейин, қисматимизга рози бўлиб ёзишдан ўзга иложимиз йўқ

Архив

Янгиликлар

07:5729.05.2010
Республикамиз бўйлаб 71 024 нафар йигит-қиз “Келажак овози-2010” иқтидорли ёшлар танловида иштирок этиш учун ариза топширди
07:4421.05.2010
Ушбу тадбирнинг очилиши 24 май куни соат 18.30 да бошланиб, унда «Ёлғизлик» номли фильм намойиш этилади
Телефон: (+998 71) 2334327
Адрес: Тошкент ш., Мовароуннахр к-си, 19-уй
Эл. почта: info@12.uz
Best Solutions, LLC компаниясида яратилган