12.uz - АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) АҚШ ва Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб, минглаб эҳтиёжманд кишиларнинг тўғри овқатланишига ёрдам берадиган озиқ-овқат қўшимчаларини тарқатмоқда.
“Тинчлик учун озиқ-овқат” умумжаҳон дастури бўлиб, уни ЮСАИД бошқаради. Дастурнинг мақсади ўта эҳтиёжманд, шу жумладан, касал ҳамда уруш ва табиий офат сингари гуманитар буҳрон домига тушиб қолган кишиларнинг овқатланишини яхшилашга ёрдам беришдан иборат. Ўзбекистондаги жисмонан ва руҳан ногирон болалар, кексалар, сил сингари хасталиклардан даволанаётган беморларга ёрдам бериш учун дастурни АҚШда жойлашган Ресурс ва сиёсат алмашуви (Resource and Policy Exchange – RPX) нодавлат ташкилоти, Ўзбекистон ҳукуматининг озиқ-овқат қўшимчалари борасидаги фаолияти ва нодавлат ташкилотлари ўзаро мувофиқлаштиради.
ЮСАИД ушбу дастурни амалга ошириш учун “Соғлом авлод учун” жамғармаси, RPX, Соғлиқни сақлаш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Халқ таълими вазирликлари ва бошқа ҳукумат идоралари билан ҳамкорлиқ қилмоқда. Улар биргаликда 75 метрик тонна тўқ тутадиган шўрва ва димлаб пишириладиган овқатларга солинадиган аралаш сабзавот қоқини тарқатади. Ушбу озиқ-овқат 13 мингдан ошиқ кишининг олти ойга етадиган тўрт миллион порция парҳез овқатига қўшимча бўлиши кутилмоқда.
“Ушбу дастур шериклар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик рамзидир, − деди “Соғлом авлод учун” жамғармаси директори Нозимжон Мўминов. 1993 йили ташкил этилгандан бери жамғарма оналар ва болалар саломатлигини қўллаб-қувватлаш бўйича турли дастурларни амалга оширди. Ушбу нодавлат ташкилот 2004 ва 2007 йилларда шунга ўхшаш дастурларда ЮСАИД билан ҳамкорлик қилган эди, дея таъкидлади “Соғлом авлод учун” жамғармаси раисаси Светлана Инамова.
RPX вакиласи, доктор Виола Ортиқова сабзавот аралашмаси Ўзбекистон учун махсус ишлаб чиқарилганини қайд этди. У экин тури ва таъм жиҳатидан маҳаллий аҳолининг талабларига мос келади. Тайёрланадиган овқат мош солиб пишириладиган шўрва таъмини бериши учун картошка, гўшт ва зираворлардан фойдаланилди. “Маҳсулот маҳаллий урф-одатларга ҳам, таомларга ҳам мос келади”, деди у.
Элчи Ричард Норланд 24 февраль куни “Тинчлик учун озиқ-овқат” лойиҳасини бошлаш маросимида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон ҳукумати ногирон болалар сингари ҳимояга муҳтож гуруҳларга ёрдам беришга қатъй қарор қилганини намойиш этди, дея таъкидлади.
“Ўзбекистон ҳам, Қўшма Штатлар ҳам ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг саломатлиги ва ижтимоий таъминотини қўллаб-қувватлаш ишига содиқдир, − деди у. − “Тинчлик учун озиқ-овқат” лойиҳаси АҚШ ва Ўзбекистоннинг кенг миқёсли муаммоларни биргаликда ҳал этиш борасидаги ҳамкорлиги намунасидир. Озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилиш учун туғилган қулай фурсат икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш, уни кўпроқ Ўзбекистон аҳолисига фойдали бўлган муайян ва моддий муаммолар ечимига йўналтириш имконини беради”.
09.03.2010