Муқобил энергия манбаларини оммалаштириш - “Адолат” социал-демократик партияси диққат марказида
12.uz - 14 декабрь куни “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканаллари орқали “Адолат” СДП вакилларининг сайловолди тарғиботига бағишланган навбатдаги чиқиши бўлиб ўтди.
Бу сафарги чиқишда партия вакиллари бошқа масалалар қатори мамлакатимизда энергияни тежаш йўллари, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тажрибасини кенг қўлланилишига эришиш, партия сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим масалалардан бири эканлигини айтиб ўтишди.
Партия Сиёсий Кенгаши Раиси ўринбосари С. Раупов чиқишида - айни пайтда энергия тежамкорлиги масаласи бутун дунёда долзарб бўлиб бораётганлигини айтди. Жумладан, “қайта тикланадиган, ноанъанавий муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада кучайтириш асосий мақсадларимиздан биридир. Муқобил энергия манбаларини шаҳар ва қишлоқларимизда, ишлаб чиқаришга жорий этиш билан халқимиз фаровонлигини ошириш ва маҳсулот таннархини сезиларли даражада арзонлаштиришга эришиш партия устувор вазифаларидан бири” деб эьтироф этди.
Бу фикрга партия фаоли Қодир Жўраев ҳам тўхталиб ўтиб, “Сайловолди дастуримизда яна бир муҳим масалага катта эътибор қаратилган, бу ҳам бўлса энергия тежамкорлиги масаласи. Бу бизнинг иқтисодиётимиз учун жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, энергия тежамкорлиги ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархи тушишига олиб келади ва рақобат муҳити учун кенг шароит яратади. Муқобил энергия манбаларини оммалаштириш бизнинг сайловолди дастуримизда алоҳида ўрин тутади. Зотан, мамлакатимизда муқобил энергиядан фойдаланиш истиқболлари бўйича жуда катта салоҳият бор. Биз бундан унумли фойдаланишни сайловолди дастуримизга вазифа сифатида киритганмизки, бу бизнинг иқтисодиётимизга катта ҳисса бўлиб қўшилиши мумкин. Муқобил энергия манбаларидан айниқса қишлоқ жойларида кенг фойдаланиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ижтимоий объектлар ҳисобланган қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари, мактаблар, спорт иншоотларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш биз учун ҳар томонлама истиқболли йўналишлардан ҳисобланади. Бу эса давлатнинг кучли ижтимоий сиёсат функциясини янада кенгайтиришига олиб келади ва ана шу ҳудудларда яшаётган аҳолимиз учун ҳар томонлама қулайликлар яратиб, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилади”.