12.uz - “Локомотив” клуби давралар оралиғида селекция ишларига жиддий эътибор қаратди. Зеро, 1-давра баҳсларида заҳира ўриндиғининг торлиги жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Мавсумнинг ҳал қилувчи палласида бу каби ҳолат такрорланмаслиги учун клуб ўз сафига венгриялик Петер Верош (“Холодаш”, Венгрия), грузин футболчиси Кахи Махарадзе (“Локомотив” Тбилиси, Грузия), “Насаф”, “Пахтакор” ва “ЎзДонг ЖУ” клубларидаги фаолияти орқали ишқибозларга яхши таниш Рустам Аъзамов, “Пахтакор”дан ёш ва умидли футболчи Анатолий Власичевларни қўшиб олди.
Шу муносабат билан 5 август куни “Тошкент” вокзалининг расмий делегациялар залида жамоанинг янги футболчиларини тақдимот маросими ҳамда клуб раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда клуб президенти Фарҳод Жалолов, бош мураббий Вадим Абрамов ҳамда жамоанинг янги аъзолари Петер Верош ва Кахи Махарадзелар иштирок этишди. Анжуманда Абрамов темирйўлчиларнинг 2-давра ўйинларига тайёргарлик жараёнидан қониқиш ҳосил қилганлиги, янги ўйинчилар таркибда рақобатни юзага келтириши, бу эса ўз навбатида жамоа ўйини кўчайишига хизмат қилишини таъкидлади. Венгриялик легионер Петер Верош нима сабабдан “Локомотив” билан шартнома имзолаганини қуйидагича изоҳлади:
- Менга жамоадаги муҳит ва унинг ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганлиги маъқул бўлди. Қолаверса, юртингиз ҳам ёқди. Шу боис бу жамоа билан шартнома имзолашга рози бўлдим.
Жамоанинг яна бир вакили Кахи Махарадзе Тбилисининг “Локомотив” клубидан таклиф этилди. Клуб президенти Ф.Жалоловнинг таъкидлашича, темирйўлчиларда ушбу жамоа билан ўзаро ҳамкорлик келишуви бор ва унга кўра томонлар ўйинчи алмашишлари мумкин. Шунингдек, клуб президенти жамоага янги қурилаётган стадион ҳақида маълумот бераркан, пойтахтнинг ТТЗ мавзесида қад ростлаётган ушбу спорт мажмуаси халқаро талаблар даражасида барпо этилаётгани, у ишга тушгач “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК темирйўллар тармоғига қарашли барча жамоалар иштирокида халқаро турнир ўтказиш масаласи ҳам кўрилаётганини таъкидлади.
Анжуман якунида жамоанинг янги аъзоларига “Локомотив” либослари топширилди. Эндиликда Петер Верош 7-рақамда майдонга тушса, грузиялик футболчига 3-рақамли либос топширилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу рақамларда мос равишда жамоа билан хайрлашган Нўъмон Ҳасанов ва Иван Кучеренко тўп суришарди.
08.08.2009