12.uz - “Барселона” ҳужумчиси Самуэль Это’О нинг “Бунёдкор”га ўтиши тўғрисидаги гап-сўзларга чек қўйилди. Чунки, “Барселона” бош мураббийи Хосеп Гвардьола камерунлик ҳужумчи Самуэль Это’Онинг жамоанинг мавсумолди тайёргарлик йиғинларидаги ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилиб, у клубни тарк этмаслигини билдирганлиги ҳақида хабар беради каталонияликларнинг расмий веб-сайти.
“Бунёдкор” клуби расмий сайтида таъкидланишича, Гвардьола июнь ойида унинг режаларидан Это’О, Роналдинью ва Деку ўрин олмаганларини ошкор қилганди. Шундан сўнг португалиялик ярим ҳимоячи “Челси”га, бразилиялик юлдуз эса “Милан”га ўтиб кетишганди. Энди маълум бўлмоқдаки, “Барса” янги устозининг африкалик футболчига нисбатан бўлган фикри ўзгарди.
“Самуэль Это’О “Барселона”да қолади. Унинг Шотландия ва АҚШдаги йиғинларда сидқидилдан бажарган меҳнати мени дастлабки фикримни ўзгартиришга мажбур қилди. Бундан ташқари, барчага маълумки, у катта истеъдодга эга ўйинчи, - деди Гвардьола Чемпионлар лигасининг 3-саралаш босқичида Краковнинг “Висла” клуби билан кечадиган учрашувдан олдинги матбуот анжуманида. Шундай қилиб, Самуэль Каталонияда яна бир мавсум тўп суради. Бу ҳам клуб мураббийлар штабининг, ҳам футболчининг ўзининг қарори.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсум оралиғида “Барса” “Арсенал”нинг тоголик ҳужумчиси Эммануэль Адебайор билан шартнома имзолашга жуда яқин бўлганди. Аммо якунда Того терма жамоаси вакили Лондон клуби билан шартномасини узайтиришни маъқул кўрди.
2007/08 йиллардаги мавсумда 27 ёшли Это’О Испания чемпионатида 18 учрашув ўтказиб, 16та гол киритган. Чемпионлар лигасида у 7 ўйинда битта гол урган. Қирол кубогида эса - 1 баҳсда 1та гол.
14.08.2008