12.uz - 2010-йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 17 август куни Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини бошлайди. Дастлабки йиғинга Рауф Инилеев 18 та футболчини таклиф этди, хабар берилади Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида.
Таъкидлаш лозимки, пойтахтда бошланадиган йиғинда ва 20 август куни меҳмонда Уммон терма жамоаси билан кутилаётган ўртоқлик учрашувида легионерлар иштирок этишмайди. Максим Шацких, Виталий Денисов, Азиз Ибрагимов ва агар мураббий маъқул кўрса, Марат Бикмаевлар 29 август куни марказий “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтадиган КХДР терма жамоасига қарши назорат ўйинига етиб келадилар.
Шунингдек, “Пахтакор” ҳимоячиси Ислом Иномов 8 август куни “Бунёдкор” билан бўлган ўйинда олган кичик жароҳатидан ҳали тўлиқ фориғ бўлмаган сабабли, мураббий хал қилувчи босқичга тайёргарликни у сиз бошлашга мажбур бўлди. “Бунёдкор” ва миллий терма жамоанинг етакчиларидан бири, ярим ҳимоячи Тимур Кападзе ҳам “Тошкент дербиси”да рақиби билан тўқнашиб кетиб, икки ҳафтага сафдан чиққан. Тошкентликларнинг яна бир маҳоратли ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров маълум сабабларга кўра, рўйхатдан жой олмади. “Бунёдкор”нинг барча ўйинларида майдонга тушаётган Жепаровга мураббийлар бироз дам беришган кўринади. Шу билан бирга Инилеевнинг айтишича, “қалдирғочлар”нинг тажрибали посбони Павел Бугалони ҳам 20 август куни бўладиган ўртоқлик учрашувига олиб кетмасликка қарор қилинган. Аммо 29 август куни Тошкентда кореяликларга қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашуви олдидан таркиб янада кенгайиши ва ушбу футболчилар ҳам жалб қилиниши режалаштирилаётганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2010-йилги Жаҳон чемпионати хал қилувчи саралаш босқичини Инилеев шогирдлари 6 сентябр куни Дохада майдон эгалари Қатар терма жамоаси билан бошлайдилар.
17 август куни Тошкентда бошланадиган йиғинга жалб этилган футболчилар рўйхати:
Дарвозабонлар – Игнатий Нестеров, Тимур Жўраев (иккаласи “Пахтакор”);
Ҳимоячилар – Анвар Ғофуров (“Машъал”), Алексей Николаев, Хайрулло Каримов, Баҳтиёр Ашурматов, Саҳоб Жўраев (ҳаммаси “Бунёдкор”), Анзур Исмоилов, Илҳом Суюнов (иккаласи “Пахтакор”);
Ярим ҳимоячилар – Одил Аҳмедов, Илдар Магдеев (иккаласи “Пахтакор”), Азиз Ҳайдаров, Виктор Карпенко, Жасур Ҳасанов (ҳаммаси “Бунёдкор”);
Ҳужумчилар – Александр Гейнрих, Зайниддин Тожиев (иккаласи “Пахтакор”), Улуғбек Бақоев (“Бунёдкор”), Павел Соломин (“Навбаҳор”).
16.08.2008