
12.uz - 2010 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидан ўрин олган Австралия – Баҳрайн учрашуви 2:0 ҳисобида майдон эгаларининг ишончли ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда 3-ўринни қўлга киритиш учун имкониятни сақлаб қолди.
Умуман олганда биринчи бўлим тенг курашлар остида кечди ва тўп киритиш учун ҳеч бир жамоада имконият бўлмади. Танаффусдан кейин мухлислари кўз ўнггида тўп сураётган майдон эгалари фаолликни оширишди. 55-дақиқада Гарри Кьюэлл чап қанотдан тўпни жарима майдони ичига ошириб берди ва тўпга биринчи бўлиб ўйнашга ҳаракат қилган Фаузи Айш хатоликка йўл қўйди. Бундан унумли фойдаланган Майл Стерёвски ортиқча қийинчиликсиз ҳисобни очди. Шундан кейин баҳрайнлик футболчилар ҳам ўз омадларини рақиб дарвозаси олдидан излай бошладилар. Лекин уларнинг дурангга бўлган барча уринишлари ўйин якунланиши арафасида йўққа чиқарилди. Австралияликларнинг ҳужумларидан сўнг тўп дарвоза устунига тегиб қайтди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Дэвид Карни ортиқча қийинчиликсиз якуний ҳисобни ўрнатди – 2:0.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида мундиал биринчи бўлиб хал қилган Япония терма жамоаси ўз майдонида Қатарни қабул қилди. 2-дақиқадаёқ Аҳмад Али Албинали кутилмаганда тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шунга қарамай, орадан чамаси 50 дақиқа ўтгач, ҳисобни тенглаштириш учун Бруно Мэтьсю шогирдлари ўзларида куч топа билишди. Али Яҳё гол муаллифига айланди. Баҳрайн термасининг мағлубиятга учраганини инобатга оладиган бўлсак, гуруҳда 3-ўрин учун қатарлик футболчиларда ҳам яхшигина имконият пайдо бўлганди. Аммо якунда улар барибир ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олишмади ва 6 очко билан плей-офф йўлланмаси учун кураш тўхтатишди.
9-тур, 10 июн
Австралия – Баҳрайн 2:0 (0:0)
Голлар: Майл Стерёвски (55), Дэвид Карни (88)
Япония – Қатар 1:1 (1:0)
Голлар: Аҳмад Али Албинали (2-ўз дар.), Али Яхё (53)
10.06.2009