Кун мавзуси

07:1103.02.2012
Бугунги хотира саҳифамизда, Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” Давлат рақс ансамблининг таниқли раққосаси Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Фозилжоновани ёдга оламиз...

Кидириш

Опрос

Лондонда 2012 йил бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг байроқдори ким бўлиши мумкин?



Узб Рус

Сайфиддин Эрматов: «Профессионал ҳакамга жамоанинг фарқи йўқ»

12.uz - Жанубий Африкада давом этаётган жаҳон чемпионати баҳслари кун сайин қизғин паллага кирмоқда ва кутилмаган «сенсация»ларга бой бўлмоқда. Худди шундай кутилмаган, аммо жуда мураккаб ўйинлардан бири Англия ва Жазоир термалари ўртасида кечди. Мазкур ўйинни бошқариш ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиларига топширилганди. Улар навбатдаги масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажаришди. Куни кеча махсус мухбиримиз Равшан Эрматов оиласида бўлиб, унинг отаси ва биринчи устози, республика тоифасидаги ҳакам, ЎФФ назоратчиси Сайфиддин Эрматов билан Равшаннинг қизиқарли ҳаёти хусусида суҳбатлашди. Шинамгина, гуллар билан безалган ва озодагина ҳовлида жойлашган сўрида, бир пиёла кўк чой устида бўлиб ўтган шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
ЭРМАТОВЛАР ОИЛАСИНИНГ КИЧИК ТАРИХИ
- Мен 1953 йили Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳудудида зиёлилар оиласида таваллуд топганман,- деб сўз бошлади Сайфиддин ака. - Оилада биз 6 ака-ука бўлиб, уйдаги барча ишларни ўзимиз бажариб, болалигимиздан меҳнатда тобланиб ўсганмиз. Ўшанда овқат пиширишни, керак бўлса, кир ювиб, дазмоллашни ҳам канда қилмай ота-онамизга қўлимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилганмиз. Отамиз ҳаммамизни яхши кўрсаларда, бироз қаттиққўл ва адолатли эдилар. Шу хислатлар барчамизда мужассам бўлиб, биз ҳам ўз навбатида фарзандларимизни шундай тарбиялашга интилдик. Барчамиз мактабда яхши ва аъло баҳоларга ўқиб, институтларда таҳсил олдик, ўз йўлимизни топиб кетдик. Мен ҳам оиламиз анъанасига содиқ қолиб, Тошкент Давлат жисмоний тарбия институти, сал вақтдан сўнг эса Халқ хўжалиги институтини битирдим. Уйимиз «Пахтакор» марказий стадионига яқин бўлгани сабабли болалик ва ўсмирлик давримиз шу ерда ўтди, десам муболаға бўлмайди. Айнан ана шу даврда бизда футболга меҳр уйғонганди.
ФУТБОЛ ОЛАМИГА ЙЎЛ
- «Пахтакор» болалар футбол жамоасига олдинига уч акамни, сўнгра мени қабул қилишди. Бизга футбол алифбосидан биринчи бор С.Арутюнов ва раҳматли Маъруф ака Акбаровлар сабоқ беришган. Ўйинимиз қовушганлиги сабабли бўлса керак, Садриддин акам билан бирга секин-аста «Пахтакор» ўринбосарлари, «Спартак» (Тошкент), Бухородаги «Автомобилист», Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига жалб қилиндик. Мен кейинчалик «Пахтакор» футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар мактабида мураббийлик қила бошладим. Бундан ташқари, 1977 ва 1982 йилларда туғилган болалардан ташкил топган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ҳам мураббийлик қилганман. Ўша ёшларимиз билан уч карра Марказий Осиё республикалари жамоалари орасида чемпион бўлганмиз, Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург), Киев, Тбилиси ва бошқа шаҳарларда ўтказилган турнирларда ғолибликни қўлга киритганмиз. Ж.Ирисметов, С.Жепаров, А.Ғофуров, А.Мирхолдиршоев, С.Крушельницкий ва бошқаларга мураббийлик қилганман. Бугунги кунда уларнинг ўйинларини кўриб, меҳнатларим зое кетмаганига хурсанд бўламан. 1988 йилдан бошлаб эса секин-аста ҳакамлик қилишга ўтдим. Ўқидим, маҳоратимни тинмай оширдим. Тез орада менга олий лига ўйинларига ҳакамлик қилиш топширилди. Кейинчалик республика тоифасидаги ҳакам унвонига сазовар бўлдим. Умум ҳисобда 15 йилга яқин ҳакамлик қилдим. Бугунги кунда эса, ЎФФ назоратчиси вазифасида фаолият юритиб келяпман.
РАВШАННИНГ ҚИЗИҚИШИ
- Равшан оиламда тўнғич ўғил, туғилганида қувончим чексиз эди. Барча яқинлар, қариндошлар ва ўртоқларим ана энди ҳақиқий футболчи туғилди, деб хурсандчилигимизга шерик бўлишганди. Мен ҳам ўшанда яхши бир ният қилгандим... Аммо Равшан тўрт ёшга тўлганида болалар велосипедида учаётганида, бехос оёғидан жароҳатланади. Ўша кичик жароҳат 15 йилдан кейин, яъни 1997 йили уни катта футболдан кетишига сабаб бўлишини биз ҳали билмасдик... Равшанни кичиклигидан ўзим билан стадионга олиб борардим, яъни унга болалигидан футбол муҳитида ўсишига имконият яратдим. Кейин секин-аста махсус футбол мактабларида тарбия олди. Бундан ташқари, уни ёшлигидан мурабийлик касбига ҳам ўргатдим. Равшан 1996 йили, болалар мураббийи лицензиясини олиш синовларидан муваффақиятли ўтди. Бу пайтда «Пахтакор» ўсмирлар ва ёшлар мактабида ҳамда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ишладим. Равшан эса менга ёрдам бериб турарди. Бундан ташқари, бир кун бу касб ҳам керак бўлиб қолар, деб унга ҳакамлик қилиш сирларини ҳам ўргата бошладим. Чунки унда ҳакамларга хос характер, одиллик, зудлик билан тўғри қарор қабул қилиш қобилиятлари бор эди. Ўша пайтда Равшан биринчи лигада иштирок этган Тошкент вилоятининг «Ғазалкент», сал кейинроқ эса пойтахт¬нинг «Истиқлол» жамоаларида тўп сураётганди.
ҲАКАМЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ БОШЛАНИШИ
- Равшан жароҳати туфайли 1997 йили 19 ёшида катта футбол билан хайрлашишга мажбур бўлди. Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, агар жароҳат бўлмаганида, ундан яхши футболчи чиқарди. Афсус, насиб қилмаган экан... Ўша оғир дамларда уни ёлғизлатиб қўймадик, қўлдан келганича ҳар тарафлама ёрдам бердик. Мен унга футболдан кетмаслик, футбол ҳаками касбини чуқурроқ ўрганишни маслаҳат бердим. Ўғлим мени диққат билан тинглаганидан хурсанд бўлдим. У тишини тишига қўйиб саломатлигини тиклаб, келажакда отаси касбини давом эттиришга бел боғлади.
ЎЗЛИГИНИ НАМОЁН ҚИЛИШ ДАВРИ
- Ўғлим билан келажак режаларини жиддий ўйлаб, олти йўналишли дастур туздик. Унга кўра, яқин орада ва келажакда амалга оширилиши зарур бўлган индивидуал иш режасини ишлаб чиқдик. Олти йўналиш қуйидагиларни ўз ичига олди: биринчидан, жисмоний тайёргарликни янада яхшилаш чоралари; иккинчидан, ҳакамлик профессионал салоҳиятини ошириш чоралари; учинчидан, назарий ва амалий билимларни янада чуқурроқ ўрганиш; тўртинчи - руҳий, психологик ҳолатларни бошқара билиш, турли ностандарт вазиятларда ўзини тута билишлик, ҳакам учун зарур бўлган бошқа керакли хислатларни чуқур ўрганиш; бешинчидан, хорижий тилларни жиддий ўрганиш; олтинчидан, халқаро тоифадаги ҳакамларнинг тажрибаларини таҳлил қилиш йўли билан малака ошириш. Ўз навбатида мен ҳам Равшанни келажакда яхши ҳакам бўлиб етишиши учун астойдил киришиб, бор тажрибамни ўргатишга киришдим. Буларни амалга ошириш учун қора терга ботиб кўп ишлаш, сабр ва матонат талаб қилинарди. Бугунги кунга келиб, Равшан бунинг уддасидан чиқди, дейишимга асосим бор. Уни ҳар доим ўзим билан бирга барча ўйинларга олиб бордим. Кейин биргалашиб ўйин тафсилотларини бирма-бир таҳлил қилардик. Унинг фикрини билишни истаб, кўп саволларни кўндаланг кўярдим. Ҳар бир ўйинга алоҳида эътибор қаратиб, сўз юритардик. Турли сабаблар туфайли мен боролмаган ўйинларни дўстларимиз видеотасмага тушириб олишарди ва уни уйда бирма-бир таҳлил қилиб, унинг камчиликларини кўрсатиб тушунтирардим. Бу ишни йўлга қўйгунимча бир неча йиллар керак бўлди. Бундан ташқари, Равшан индивидуал режа асосида жисмоний ҳолатини сақлаш борасида доимо жиддий шуғулланди. Кейинчалик секин-аста ўзи ҳам ҳакамлик қилишни бошлади. 1998 йилдан бошлаб иккинчи лига жамоалари ўйинларини бошқарди. 1999 йилдан биринчи ва 2001 йилдан олий лига ўйинларига ҳакамлик қилди. Олий лигадаги биринчи ўйини - «Зарафшон»-«Семурғ» тўқнашуви бўлди. Айнан шу йилдан бошлаб Равшаннинг ҳакамлик ҳаётида туб бурилиш рўй бериб, фаолияти анча ривожланиб кетди. Мен эса ҳам ота, ҳам устоз сифатида буларни кўриб, унга билдирмай ичимдан суюнардим...
УСТОЗИДАН ЎЗГАН ШОГИРД
- Тил масаласига келсак, уйда инглиз тили муҳитини яратиш мақсадида оилавий инглиз тилини ўрганиш марказига қатнай бошладик. Шу баҳонада ўзим ҳам бу тилни бироз ўргандим. Равшан эса, икки йил деганда бемалол инглиз тилида гаплаша оладиган даражага етиб, ФИФАнинг хорижий тилларни билиш махсус тестларидан бемалол ўтиб турибди. Тузган дастурнинг натижаси ўлароқ, у икки-уч йилдан кейин ўз ҳосилини бера бошлади. Ўзбекистон чемпионатида унга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариши, ОФК тасарруфида обрўси ошиши, ФИФА ҳаками унвонига сазовор бўлиши, қитъалараро ва жаҳон даражасидаги ёшлар чемпионатларида ҳакамлик қилиши, меҳнатлари зое кетмаганлиги катта ютуқларга эришганимизни кўриб, парвардигорга шукрлар айтдим ва шогирд устозидан анча илгарилиб кетганлигидан кўнглим хотиржам бўлди. Шу билан бирга унда димоғдорлик, такаббурлик хислатлари йўқлиги мени анча қувонтирарди.
ХАЛҚАРО МАЙДОНГА ЧИҚИШ
- Равшан халқаро ҳакамлик фаолиятини 2003 йили 25 ёшида бошлади. 2008-2009 йилларда ОФКнинг энг кучли ҳаками, деб тан олингани биз учун қувончли воқеага айланди. Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) шу йилнинг бошида жаҳоннинг 2009 йилдаги энг кучли 26 ҳаками номини эълон қилди. Унга кўра, Равшан 11 очко билан 14-поғонани эгаллаб турибди (2008 йили 17-поғонада эди). ФИФА тасарруфида охирги йилларда олтита йирик чемпионат ва халқаро турнирдаги муваффақиятли фаолияти ва айниқса, «плэй-офф» мусобақасида Саудия Арабистони ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўта муҳим ва мураккаб ўйинни бошқариши уни ФИФА мутасаддилари томонидан ЖАРда ўтадиган 19-жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 30 ҳакам қаторига қўшилишига замин тайёрлади, десам муболаға бўлмайди. Буни сўзда айтиш осон, амалда қанчадан-қанча куч, ирода ва матонат талаб этилишини бир хаёлингизга келтирсангиз... Бундан ташқари, 2007 йилдан буён давом этаётган ФИФА семинарларида иштирок этувчи 80дан ошиқ реферидан фақат 30 нафар қолиши керак эди. Ҳар семинарда тест ва бошқа синовлардан ўтган ва энг асосийси, ФИФАнинг талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган кучли ҳакамлар саралаб олинган. Жорий йилнинг 5 февралида Равшаннинг ФИФА рўйхатига киритилиши тўғрисидаги хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлдик...
Шу кунгача ҳам Равшан айрим масалаларда мендан маслаҳат сўраб туради. Жанубий Африкада ўтаётган жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини ва иккинчи турнинг ўта мураккаб - Англия-Жазоир учрашувига ҳакамлик қилиш Равшанга топширилишини эшитганимизда, севинчимиз ичимизга сиғмасди... Шундай масъулиятли вазифани Ўзбекистон вакилига топширилишига биринчи навбатда, мамлакатимизга бўлган катта ишонч, деб қараш керак. Шу тарихий ўйин арафасида Равшан Африкадан телефон қилганида, мен уни дуо қилдим ва қуйидаги гапларни айтдим: «Ўғлим, аввало, Парвардигор қўлласин, сенга жуда масъулиятли вазифа юклатилди, жуда диққатли бўлгин. Сенга жаҳон кўз тикмоқда, шуни унутмагинки, орқангда бутун Ўзбекистон турибди, Ватанимизни обрўсини янада оширишга ўз ҳиссангни қўшгин!»
ОТА ВА ОНА БАХТИ
- Жанубий Африкадаги чемпионатнинг очилиши уйимизда катта байрамга айланиб кетди. Барча яқинларимиз оилалари билан уйимизга келишди. Ҳаммамизда кўтаринки кайфият, аммо ўйин бошланганидан то 90 дақиқа тамом бўлмагунча, диққат билан Равшаннинг ҳакамлигини кузатиб турдим. Назоратчи ҳакам сифатида айтишим мумкин, Равшан ўз вазифасини тўлиқлигича бажарди. Буни ФИФА ҳакамлари комиссияси ҳам ўйин тафсилотларини таҳлил қилиб, тасдиқлади. Шуни ҳисобга олиб Равшанга жуда мураккаб бўлган Англия-Жазоир ўйини топширилди, деб ўйлайман. Мендан тез-тез сўраб туришади, Равшан ЖАРдаги чемпионатнинг қайси ўйинига ҳакамлик қилишни орзу қиляпти? Ўғлимга битта нарсага жиддий аҳамият беришини ўргатганман. Профессионал ҳакамга биринчи даражали ёки иккинчи даражали жамоалар бўлмаслиги керак. Ҳакам ҳаммага бирдай қараб, қаерга юборишса, ўша ерда ўз вазифасини сидқидилдан бажариши шарт. Шундагина ҳакамни ҳамма ҳурмат қилади. Бу унинг прфессионал бурчи бўлиши керак. Равшаннинг иккинчи ўйинини кўриб, кўнглим анча хотиржам бўлди. Ўйлайманки, уни олдинда ҳали янада масъулиятли ўйинлар кутмоқда...
РАВШАННИНГ КУНДАЛИК ҲАЁТИ
- Равшан болалигидан зукко бўлиб ўсди, мактабда аъло ва яхши баҳоларга ўқиган. Билимга интилувчан бўлганлиги учун ҳам отасига ўхшаб иккита дипломи бор. Олдин Тошкент Давлат жисмоний тарбия институти, кейинроқ эса Иқтисодиёт университетини битирди. Болалигидан адабиётга қизиқарди, кўп китоб ўқирди. Ўзбек мумтоз ва замоновий эстрада қўшиқларини тинглашни ёқтиради. Бўш вақти кам бўлсада, ўртоқлари билан теннис ўйнаб туради. Шунингдек, келинимиз Муродахон билан интернет саҳифаларини кузатиб туради. Бироз бўш вақт топилди дегунча, интернетдаги скайп дастури асосида бир-бирлари билан гаплашиб олишади... Бугун оиламизда катта хурсандчилик, келинимиз Тошкент Давлат тиббиёт институтида охирги имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, уни битирди. Бу диплом Равшаннинг Африкадан келишига Муродахондан туҳфа... Улар бир-бирларини жуда севишади, илоҳим бахтли бўлишсин.
Ўғлим барча ўзбек йигитларига хос одат ва удумларимиз, миллий менталитетимиз руҳида тарбияланган. Равшан палов дамлаганида мазза қиламан. Бундан ташқари, ўзи қўй сўйиб, меҳмон кутишни жуда ёқтиради... Бўш вақтларида ҳовли ишларига, гул ва дарахтларга қарашни яхши кўради. Ўғлим ва келинимнинг меҳмондўстлиги сабабли уйлари доимо меҳмонлар билан гавжум. Равшаннинг дўстлари жуда кўп, лекин энг яқини - бу Ҳамид Расулов, улар кўп йилдан бери иноқлар. Аслида Ҳамиджон ФИФА комиссияси имтиҳонларидан ўтиш пайтида бироз касал бўлиб қолганди. Кейинчалик имтиҳонлардан яхши ўтган бўлсада, захира гуруҳида қолиб, Жанубий Африкага боролмади. Аминман, кейинги чемпионатда иқтидорли ҳакамимиз Ҳамид Расулов ҳам албатта, иштирок этади. Унинг ўрнини қирғизистонлик ўзбек ҳаками Баҳодир Қўчқоров эгаллади. Унинг асли келиб чиқиши Андижондан. Оталари собиқ иттифоқ даврида Қирғизистонга бориб қолишган экан. Бундан ташқари, Валентин Коваленко билан ҳам яқин. Равшан футболимиз фахри Миржалол Қосимовни ҳам акасидай ҳурмат қилади.
УСТОЗ ОТАНГДАЙ УЛУҒ - Осиёда ҳакамлик соҳасида машҳур ФИФА инструктори, ОФК ҳакамлар Департаменти директори Абдулла Назрий исмли билимдон киши бор эди. У Равшаннинг яқин дўсти бўлиб, ҳакамлик соҳасини ўрганишида жуда кўп ёрдам берган. Равшан уни ўз устозидай кўрарди. Халқаро ўйинларда қандай ҳакамлик қилиш тавсиялари ва бошқа амалий ёрдамлари билан ўғлимга доимо маслаҳатларини бериб турарди. У асли малайзиялик. Абдулла Назрий 1995 йили Осиёнинг энг яхши ҳаками ҳам бўлган. Юрак хасталиги туфайли бу дунёдан кўз юмди. Равшан устозига бўлган чексиз ҳурматини билдириб, 2009 йили олган «Осиёнинг энг яхши ҳаками» фахрий унвони ва кубогини унинг хотирасига бағишлаганида кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлди. Ўғлимнинг бундай қарор қабул қилганини эшитиб, ичимдан хурсанд бўлиб, уни дуо қилдим... Равшаннинг Малайзияга йўли тушиб қолганида ҳар доим Абдулла Назрийнинг оиласидан хабар олиб, унинг қабрини зиёрат қилиб келади. Раҳматли жуда олижаноб инсон эди. У уйимизнинг доимий ва азиз меҳмони бўлган. Равшан Назрийдан ташқари, ҳакамлик соҳасида жаҳонда донгдор Валентин Иванов, Пьерлуижи Коллина, Орасио Элизондо каби тажрибали реферилардан ўрнак олиб, улардан ўзи учун етишмаётган амалий тажрибаларни олди. Умуман, ҳозир ҳам изланишдан тўхтамаган.
СМЕРТИН ҲАМ ҚОЙИЛ ҚОЛДИ
Равшан Эрматовнинг ҳакамлиги хусусида кўзга кўринган кўплаб мутахассислар фақат ва фақат илиқ фикрлар билдиришяпти. Хусусан, Россия термаси собиқ аъзоси, Англия премьер-лигасида муносиб тўп сурган Алексей Смертин ҳам рус журналистлар билан суҳбатда ҳамюртимизни мақташдан ўзини тиёлмади. Собиқ футболчи ЖЧдаги умумий ҳакамлар хусусида берилган саволга қуйидагича жавоб берди: «Ҳакамлар юқори савияларини кўрсатишмоқда. Мисол учун, очилиш ўйинида Мексика гол урган вазиятда бир лаҳзада ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлаш жуда мураккаб эди. Шунчаки, ҳайратланар: 32 ёшли рефери ўйинни мисли кўрилмаган даражада совуққонлик билан бошқарди! Ўйин Россиялик бўлмасада, ярим хориж - ўзбекистонлик ҳакамга ишониб топширилгани ёқимли. Асосийси, Эрматов зиммасидаги вазифани камчиликсиз уддалади».
Мавлон ШУКУРЗОДА, "Interfutbol" газетаси.

23.06.2010



Янгиликлар

07:4106.02.2012
76 ёшли Аслимо Имомёрбекова сўнгги ўттиз йил давомида йилнинг тўрт фаслида ҳам очиқ ҳавода тунайди
10:1104.02.2012
Денверда бўлиб ўтган маҳкама давомида асли жиззахлик Жамшид Мухторов¸ Оллоҳга қасам ичиб¸ ўзининг террорчиликка алоқаси йўқлигини билдирди

Архив

Телефон: (+998 71) 2334327
Адрес: Тошкент ш., Мовароуннахр к-си, 19-уй
Эл. почта: info@12.uz
Best Solutions компаниясида яратилган