12.uz - 2010-йилги Жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичининг 2-тур учрашувини ўтказиш учун 7 сентябр куни тунда Австралия терма жамоаси Тошкентга учиб келди ва делегация аъзолари Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан белгиланган “Интерконтинентал” меҳмонхонасига жойлашдилар.
Маълумки, Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюришдан олдин Пим Вербек шогирдлари Голландиянинг Миерло шаҳарчасида ўқув-машғулот йиғинлари доирасида Голландия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказишди. Ўйин 2:1 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоасининг бўлажак рақиби фойдасига ҳал бўлди.
Таъкидлаш лозимки, 8 сентябр куни соат 18:00 да австралиялик футболчилар МХСК стадионида ўзларининг дастлабки машғулотларини ўтказдилар. Бу пайтда эса, Рауф Инилеев шогирдлари “Пахтакор” марказий ўйингоҳида навбатдаги ўйинга тайёргарлик кўрдилар.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, 9 сентябр куни Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида Ўзбекистон ва Австралия терма жамоалари бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Анъанага кўра, матбуот-конференцияси икки қисмдан иборат бўлади. Дастлаб, соат 14:00да Рауф Инилеев журналистлар саволларига жавоб қайтаради. Сўнгра, соат 14:30 да Пим Вербек оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқотга киришади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда австралия терма жамоалари ўртасидаги саралаш беллашуви 10 сентябр куни “Пахтакор” стадионида соат 20:30 да бошланади.
09.09.2008